2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Маҳалла энергетика паспорти нима беради ва нимани ўзгартиради?
  • 13.08.2026
  • 14

https://t.me/minenergy_uz/20710

Аввало, энергетика паспорти нима учун керак?

Маҳаллада электр ва табиий газ таъминотига оид маълумотлар тарқоқ ҳолда эмас, ягона тизимда кўриниши учун.

Унда истеъмолчилар сони ва таркиби, истеъмол ҳажми, мавжуд қувват, инфратузилманинг таркиби ва техник ҳолати, қувват захираси, янги истеъмолчиларни улаш имкониятлари ва модернизация эҳтиёжи каби маълумотлар жамланади.

Бу маълумот кимга керак?

Аввало, энергетика соҳаси мутахассисларига.

Чунки улар ҳудуддаги вазиятни яхлит кўриши, истеъмол ва юкламани таҳлил қилиши, техник ва тижорий йўқотишлар, ҳисобга олинмаган истеъмол ёки белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган уланишлар мавжуд бўлса, уларни аниқлаш бўйича иш олиб бориши мумкин.

Тадбиркор (бизнес) учун қандай аҳамияти бор?

Мавжуд тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш объектларининг истеъмоли, улардаги юклама ҳамда ҳудуддаги мавжуд энергетик имкониятлар биргаликда баҳоланади.

Истеъмол ҳажми ўзгарса ёки қўшимча қувватга эҳтиёж пайдо бўлса, буни ҳудуднинг умумий энергетик ҳолати билан бирга кўриш ва зарур инфратузилмани кучайтириш масаласини режалаштиришга асос бўлади.

Мактаб, боғча ёки поликлиникачи?

Уларнинг ҳам энергия истеъмоли ҳудуднинг умумий энергетик балансида ҳисобга олинади. Бу ижтимоий объектлар эҳтиёжини режалаштиришда фойдаланилади.

Аҳоли учунчи?

Аҳоли учун асосий маъноси — унинг маҳалласида энергетика тизимининг ҳолати ҳақида аниқроқ маълумот пайдо бўлиши.

Масалан, қайси тармоқ юқори юкламада ишлаяпти, қаерда қувват захираси чекланган, қаерда техник ҳолатни яхшилаш ёки қўшимча инфратузилма масаласини кўриб чиқиш зарур — шу каби масалаларни белгилаш осонлашади.

Бунинг натижасида электр таъминоти дарҳол яхшиланадими?

Йўқ. Энергетика паспортининг ўзи тармоқни таъмирламайди ёки қувватни оширмайди.

Унинг вазифаси бошқа: ҳудуддаги ҳолатни аниқ маълумотлар асосида кўриш ва қайси масалаларни биринчи навбатда ҳал қилиш кераклигини белгилашга ёрдам бериш.
Кейинги ишлар эса аниқланган эҳтиёж, техник имконият ва мавжуд ресурслардан келиб чиқиб амалга оширилади.

Шу маънода Маҳалла энергетика паспорти — ваъда эмас, қарор қабул қилиш учун маълумот базаси бўлиб хизмат қилади.

Телеграм https://t.me/minenergy_uz