2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ (ШТАБ): Давлатободда ислоҳотлар ижроси: электр таъминоти тизимидаги ишлар жойида ўрганилди
  • 14.08.2026
  • 9

Энергетика тизимини такомиллаштириш, электр таъминоти сифатини ошириш ҳамда ҳудудларда мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида Наманган вилояти Давлатобод туманида амалга оширилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ҳудуддаги жараёнларни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Ишчи гуруҳи, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Наманган ҳудудий филиали масъуллари томонидан Давлатобод туманида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.

Ўрганишлар давомида ҳудуд электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш, электр тармоқларидаги техник ва тижорий йўқотишларни камайтириш, мавжуд муаммоли нуқталарни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
 

Хусусан, трансформатор пунктларининг техник ҳолати, уларни таъмирлаш ва янгилаш ишлари, электр узатиш тармоқларининг созлиги ҳамда истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.



Шунингдек, истеъмолчиларда ўрнатилган электр ҳисоблагичларини алоқа тизимига чиқариш, масофадан мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтириш, алоқа ўрнатилмаган ёки техник носоз ҳисоблагичларни аниқлаш ва тегишли чораларни кўриш жараёнлари ҳам кўриб чиқилди.

Электр энергияси истеъмолини тўғри ҳисобга олиш, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ва ҳисоб-китоб тизимининг шаффофлигини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
 

Бундан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ва уларнинг амалий ечимини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.



Масъулларга белгиланган вазифалар ижросини доимий назоратга олиш ҳамда Давлатобод туманида электр таъминоти тизимини янада такомиллаштириш бўйича ишларни изчил давом эттириш топширилди.

Манба: https://t.me/namhetk/33534

???? «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати