

Дунёда электр энергетика тизимида мутлақо авария бўлмайдиган мамлакат ёки тизим йўқ. Электр станциясидаги техник носозлик, юқори кучланишли тармоқда узилиш, ускунанинг ишдан чиқиши, табиий офат ёки ноқулай об-ҳаво шароити — буларнинг ҳар бири электр тизими ишига таъсир қилиши мумкин.
Аммо энергетика тизимининг ҳақиқий барқарорлиги авария умуман содир бўлмаслиги билан эмас, авария юз берган тақдирда унинг бутун тизим бўйлаб тарқалиб кетишининг олдини олиш, таъсирини чеклаш ва электр таъминотини тезкор тиклаш имконияти билан белгиланади.
Бунинг учун замонавий электр энергетика тизимида аварияга қарши автоматика муҳим ўрин тутади.
Аварияга қарши автоматика — тизимда хавфли ўзгаришлар юз берганда уларни тезда аниқлаб, олдиндан белгиланган алгоритм асосида зарур ҳимоя чораларини автоматик равишда амалга оширадиган тизим.
Масалан, тармоқнинг бир қисмида авария содир бўлса, автоматика унинг таъсири бошқа тармоқлар, подстанциялар ёки электр станцияларига ўтиб кетмаслиги учун ускуналарни ажратиши, юкламани қайта тақсимлаши ёки тизимнинг айрим қисмларини ҳимоя режимига ўтказиши мумкин.
Бунда автоматика фақат ўрнатилган бўлиши етарли эмас. У тўғри ҳисоб-китоб қилиниши, лойиҳаланиши, созланиши, мунтазам синовдан ўтказилиши ва ҳар қандай иш режимида ишлашга тайёр ҳолатда сақланиши керак.
Ўзбекистон энергетика тизимида ҳам реле ҳимояси ва аварияга қарши автоматика тизимлари шу мақсадда доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон электр энергетика тизими Марказий Осиёнинг ўзаро боғланган ягона энергетика тизими таркибида ишлайди.
Бу тизимда мамлакатлар ўртасида электр энергияси оқимлари, частота ва бошқа муҳим параметрларни мувофиқлаштириш талаб этилади. Шу сабабли ҳар бир мамлакатнинг ички автоматикаси билан бир қаторда тизимлараро аварияга қарши автоматика ва мувофиқлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Марказий Осиё электр тизимларининг параллель ишлашини мувофиқлаштириш, трансчегаравий электр оқимларини оператив бошқариш ва тизимлараро аварияга қарши ҳимоя чораларини мувофиқлаштириш Тошкентда жойлашган Марказий Осиё энергетика тизимларини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази томонидан амалга оширилади.
Бундай тизимнинг асосий мақсади — бир нуқтада юзага келган авариянинг бошқа ҳудудларга тарқалиб, каскадли аварияга айланишининг олдини олиш.
Бунинг аҳамиятини дунёдаги йирик авариялар ҳам кўрсатади. Масалан, 2025 йил 28 апрелда Испания ва Португалияда юз берган йирик авария натижасида икки мамлакат электр тизимининг катта қисми ишдан чиқиб, электр таъминоти деярли тўлиқ узилган. Ҳодиса бир нечта жараёнларнинг ўзаро таъсири натижасида юзага келиб, кучланишнинг тез ўзгариши ва генерация қувватларининг кетма-кет тармоқдан ажралиши каскадли узилишга олиб келган.
Бу мисол энергетикадаги муҳим тамойилни кўрсатади: авариянинг ўзи ҳар доим ҳам энг катта хавф эмас. Асосий хавф — унинг таъсири кенгайиб, бутун тизим ишига таъсир кўрсатиши.
Кечаги аварияда эса авария оқибатларини тезкор чеклаш, тизим ишини назоратда ушлаб туриш ва электр таъминотини босқичма-босқич тиклашда аварияга қарши автоматика, диспетчерлик бошқаруви ва жойлардаги мутахассисларнинг мувофиқлашган ҳаракатлари муҳим роль ўйнади.
Энергетика тизими — бу фақат электр станциялари, подстанциялар ва электр узатиш линиялари эмас. Бу бир-бири билан узлуксиз боғланган мураккаб технологик тизим ва уни бошқараётган юқори малакали мутахассислар жамоасидир.
Шунинг учун тизим ишончлилиги фақат аварияларнинг олдини олиш билан эмас, балки авария содир бўлган тақдирда уни тезда аниқлаш, локаллаштириш, кенгайишига йўл қўймаслик ва электр таъминотини қисқа вақтда тиклаш имконияти билан ҳам таъминланади.
Кечаги аварияни тезкор бартараф этишда иштирок этган барча энергетикларга, шу жумладан, диспетчерлар ва тезкор бригадаларга миннатдорлик билдирамиз.
Телеграм https://t.me/minenergy_uz/20753