2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватга эга шамол электр станция фойдаланишга топширилди
  • 22.08.2026
  • 12

#yashil_energiya

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватга эга шамол электр станция фойдаланишга топширилди
 
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилган 20 МВт қувватга эга «Чорбоғ» шамол электр станциясининг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Тзюн (Ю Жун), Савдо-саноат палатаси ҳамда мутасадди энергетика ва қурилиш компаниялари вакиллари, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ масъул ходимлари, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги вакиллари, ҳудудий фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой Ҳукумати томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги беғараз грант маблағи ажратилди.

Бугунги кунда «Чорбоғ» шамол электр станцияси фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди ва энг азиз ва энг улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб туҳфа сифатида ишга туширилмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳар бири 5 МВт қувватга эга бўлган 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилди.

Станциянинг умумий қуввати 20 МВтни ташкил этиб, у йилига 50 млн кВт·соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Бу эса қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз энергетика тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, станция фаолияти натижасида ҳар йили юз минглаб куб метр табиий газ тежалади, атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажми сезиларли даражада қисқаради. Бу эса мамлакатимизнинг экологик барқарорликни таъминлаш, углерод изини камайтириш ҳамда халқаро иқлим мажбуриятларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.


Телеграм: https://t.me/minenergy_uz/20796