2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Ўзбекистонда ўз йўналиши бўйича Марказий Осиёда энг йирик бўлган энергетика объектлари ишга туширилди
  • 26.08.2026
  • 5

Ўзбекистонда ўз йўналиши бўйича Марказий Осиёда энг йирик бўлган энергетика объектлари ишга туширилди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда умумий қуввати 2 423 МВт бўлган электр станциялар ишга туширилди.
 
(1 573 МВт — иссиқлик электр станцияси, 300 МВт — қуёш, 200 МВт — шамол электр станциялари ҳамда 350 МВт — энергия сақлаш тизимлари. Лойиҳаларнинг умумий қиймати — 1,7 млрд доллар)

Хусусан:

► Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1 573 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
 
Станция йилига 13 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Унинг фойдали иш коэффитсиенти 61,7 фоизни ташкил этиб, бунинг ҳисобига йилига 1,1 млрд куб метр табиий газ тежалади.
 
Умумий қиймати 900 млн доллар бўлган мазкур лойиҳа тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан амалга оширилди. Лойиҳа Франциянинг  EDF”,  Қатарнинг Nebras Power”, Япониянинг Sojitz Corporation” ва Kyuden International” компаниялари консорциуми ҳамкорлигида ишга туширилди.
 
Станция қурилиши даврида 3 000 та иш ўрни яратилган бўлса, ишга туширилгандан сўнг 120 та доимий иш ўрни ташкил этилди.
 
► Навоий вилоятининг Нурота туманида 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва 150 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
 
Лойиҳанинг қиймати 390 млн доллар бўлиб, у Хитойнинг China Energy Overseas Investment” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилгандан сўнг 30 та доимий иш ўрни яратилади.
 
Лойиҳанинг самараси: йилига 657 млн кВт·соат ёки 273 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади, 175 млн куб метр табиий газ тежалади ҳамда 377 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилиши олди олинади.
 
► Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 200 МВт қувватли шамол электр станцияси ҳамда 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.

Лойиҳанинг қиймати 263 млн доллар бўлиб, Саудия Арабистонининг ACWA” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Лойиҳа натижасида йилига 701 млн кВт·соат ёки 292 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади, 187 млн куб метр табиий газ тежалади ҳамда 403 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилиши олди олинади. Лойиҳа доирасида 25 та доимий иш ўрни яратилди.
 
► Наманган вилоятининг Уйчи туманида 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
 
Қиймати 110 млн доллар бўлган мазкур лойиҳа Хитойнинг China Energy Overseas Investment Co., Ltd” компанияси томонидан амалга оширилди.
 
Лойиҳанинг самараси: электр энергиясини бир кунда икки маҳал, 2 соатдан, 100 МВт (200 МВт·соат) қувватда захиралаш ва ундан электр тармоғидаги юклама юқори бўлган вақтларда тизим барқарорлигини таъминлаш мақсадида фойдаланиш имконияти яратилди. Лойиҳа ишга тушгандан сўнг 30 та доимий иш ўрни яратилди.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/20859

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmat