

Аввал хабар берганимиздик
Бугун, 2 сентябрь — Билимлар куни муносабати билан Иштихон туманидаги 33-умумтаълим мактабида журналист ва ижодкор Улуғбек Урунов (Улуғбек Пўлатзода) иштирокида маданий-маърифий ва ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар ҳамда китобхон ёшлар иштирок этиб, ижодкорнинг журналистика ва адабиёт соҳасидаги 30 йиллик фаолияти, ижодий изланишлари ва ҳаётий тажрибалари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, Улуғбек Пўлатзода мазкур мактабнинг собиқ битирувчиси ҳисобланади. Шу боис унинг ўз таълим даргоҳига ташрифи, устозлари ва ёш авлод билан мулоқоти учрашувга алоҳида мазмун ва самимийлик бағишлади.
Суҳбат давомида журналистика, адабиёт, ижодкорлик, китоб мутолааси, касб танлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш каби муҳим мавзулар юзасидан фикр алмашилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга ижодкордан жавоблар олдилар.
Бундай учрашувлар ёшларни китобхонликка, илм-маърифатга ва ижодий изланишларга ундаш, уларда касбга бўлган қизиқишни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Билимлар кунининг ана шундай мазмунли ва илҳомлантирувчи мулоқот билан бошланганлиги барча иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
——
ИШТИХОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ