
“Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали тасарруфидаги Сергели туманида жойлашган 110/6 кВ кучланишли «Ўзгариш» подстанцияси 1970 йилда фойдаланишга топширилган.
♦ Бугунги кунда аҳоли сонининг ортиши ҳамда электр энергиясига бўлган талабнинг ошиб бориши натижасида подстанция қувватини ошириш ва электр таъминоти ишончлилигини таъминлаш мақсадида модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
♦ Мазкур ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги 598-сон қарори асосида олиб борилмоқда.
♦ Модернизация доирасида подстанциядаги мавжуд 2×16 МВА қувватли трансформаторлар 2×25 МВА қувватли трансформаторларга алмаштирилади ҳамда электр қурилмалари босқичма-босқич янгиланади.
⚡️ Модернизация ишлари жараёнида
Мазкур ишлар доирасида подстанциядаги мавжуд Т-1 ва Т-2 трансформатори янги, замонавий трансформаторга алмаштирилади. Таъмирлаш ишлари давомида истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда узилишларга йўл қўймаслик мақсадида Т-1 ва Т-2 трансформаторлари янгисига алмаштириш жараёнида юкламалар бир томонга ўтказилади.
Шу билан бирга, электр таъминотини имкон қадар узлуксиз сақлаш чоралари кўрилади. Бироқ юклама техник жиҳатдан рухсат этилган чегарадан ошиб кетган тақдирда, тармоқнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида қисқа муддатли чекловлар жорий этилиши мумкин.
⚡️ Модернизация натижасида:
— 12 000 га яқин аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг электр таъминоти янада яхшиланади;
— подстанциянинг қуввати 18 МВА га оширилади;
— қўшимча қувват захираси яратилади;
— электр қурилмаларининг ишончли ва барқарор ишлаши таъминланади;
— истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш имконияти кенгаяди.
Мазкур модернизация ишлари ҳудуддаги электр таъминоти барқарорлигини ошириш ва келгусидаги юкламаларни ишончли қоплашга хизмат қилади.
«ТОШКEНТ ШАҲАР МАГИСТРАЛ ЭЛEКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ
♦АХБОРОТ ХИЗМАТИ