2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Бир лаҳзалик эътиборсизлик — инсон ҳаёти ва бутун тизим учун қимматга тушиши мумкин
  • 21.09.2026
  • 5

Бугун, 21 сентябрь куни соат 11:18да юк автомобили чиқинди тўкиш мақсадида кузовини кўтарганда, Қашқадарё вилоятидан Самарқанд вилоятига электр энергияси узатиладиган 500 кВ кучланишли «Л-527» электр узатиш тармоғига тегиб кетган. Натижада ушбу тармоқ авариявий ўчган.
 
Мазкур тармоқ ягона 500 кВли электр узатиш тизими занжирининг бир қисми ҳисобланиб, унинг ўчиши Бухоро вилоятидаги шамол электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватига ҳам таъсир кўрсатган — натижада ушбу шамол станцияларнинг ишлаб чиқариш ҳажми 270 МВтга камайган.
 
Шунга қарамай, энергетика тизимидаги аварияга қарши ҳимоя тизимлари ўз вақтида ишга тушиб, йирик носозликларнинг олди олинган, захира қувватлар ҳисобига эса ушбу авария истеъмолчиларнинг электр таъминотига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган.
 
Энергетиклар томонидан зарур чоралар кўрилиб, носозлик соат 11:37да бартараф этилди ва электр узатиш тармоғи қайта ишга туширилди. Энергетиклар воқеа жойига етиб борганда, эътиборсизликка йўл қўйган автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойида бўлмаган.
 
Ҳурматли ҳайдовчилар, электр узатиш тармоғи ўтган ҳудудларда техника хавфсизлигига риоя қилинг, бу, аввало, ўз ҳаётингиз хавфсизлигини таъминлаш бўлса, қолаверса, истеъмолчиларнинг электр таъминоти барқарорлигига ҳам хизмат қилади.
 
Электр тармоғи яқинидаги эҳтиёзсизлик — инсон ҳаётига ҳам, энергетика тизимига ҳам, минглаб хонадонларнинг таъминотига ҳам таҳдид бўлиши мумкин.

Ҳодиса юзасидан юк автомобили ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/21137

Энергетика вазирлигининг расмий канали