

Энергетика соҳасидаги режалар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши, тизимда доимо етарли захира қуввати бўлиши шарт,
- деди давлатимиз раҳбари.
Сўнгги йилларда соҳага хусусий сектор ва хорижий инвесторлар кенг жалб қилиниб, янги генерация қувватларини барпо этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва тармоқларни модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилди. Бу борадаги ислоҳотлар натижасида қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 6,3 гигаваттдан ошди. Гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ортиб, уларнинг умумий қуввати 2,5 гигаваттга яқинлашди. Қайта тикланувчи энергия манбалари кенгайиши ҳисобига ҳар йили катта миқдорда табиий газ тежалмоқда.
2030 йилга бориб, мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган, аҳоли сони эса 41 миллиондан ортиши кутилмоқда. Саноатнинг ўзида электр энергияси истеъмоли 2030 йилгача 38 млрд кВт-соатдан 53,5 млрд кВт-соатгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Электромобиллар ва дата-марказлар ривожланиши ҳам тизимга қўшимча юклама беради.
Шу боис, генерация қувватларини талабдан олдин ривожлантириш, электр тармоқларининг ўтказувчанлигини ошириш ва етарли захира қувватларини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Режага кўра, 2030 йилга бориб, мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 ГВтга етказилиб, йилига қарийб 129 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
2035 йилда эса қувватларни 57,2 ГВтга, йиллик генерацияни 154,7 млрд кВт-соатга етказиш кўзда тутилган.
Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб борган сари энергия сақлаш тизимларининг аҳамияти ҳам ошмоқда
Бундай тизимлар кундузи қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини тўплаб, уни кечки юқори юклама вақтида тармоққа узатиш имконини беради.
Бу анъанавий электр станцияларида қўшимча газ ёқиш заруратини камайтириб, бутун тизим барқарорлигини оширади.
►Ҳозир энергия сақлаш тизимлари бўйича умумий қуввати 4,2 ГВт бўлган 26 та лойиҳа шакллантирилган. Улардан 17 таси амалга ошириш босқичида.
2030 йилгача айни йўналишда қўшимча янги лойиҳаларни шакллантириш таклиф қилинди.
2030 йилгасҳа 16 та юқори кучланишли янги подстанция ва қарийб 5000 км янги электр узатиш тармоқлари қурилади
Президентимиз генерация қувватларини кўпайтириш билан бирга уларни истеъмолчиларга етказиб берадиган магистрал тармоқ ва подстанцияларни ҳам олдиндан барпо этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
2030 йилга қадар 9 та 220 кВли ва 7 та 500 кВли янги подстанция қуриш, қарийб 5000 км янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш режалаштирилган.
Бу янги электр станцияларини энерготизимга улаш, ҳудудлар ўртасида қувват алмашинувини кенгайтириш имконини беради.
Хусусан, 2027-2029 йилларда бир қатор стратегик 500 кВли электр узатиш тармоқлари ва янги подстанцияларни ишга тушириш кўзда тутилган.
Тақдимотда уларнинг қурилиш ҳолати, молиялаштириш масалалари ва мавжуд кечикишларни бартараф этиш чоралари алоҳида кўриб чиқилди.
Янги бошқарув модели таклиф қилинди
Эндиликда энергетика лойиҳалари, энг аввало, иқтисодиёт, аҳоли ва ҳудудларнинг истиқболдаги эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади.
✔ Аввал талаб аниқланади, кейин зарур генерация ва инфратузилма қувватлари режалаштирилади.
► Ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва техник ечимлари олдиндан тайёр бўлган лойиҳа шакллантирилиб, инвестор очиқ ва рақобатли танлов асосида аниқланади.
Ҳар бир идоранинг вазифа ва жавобгарлиги аниқ белгиланади:
✔Иқтисодиёт ва молия вазирлиги талаб прогнозини шакллантиради;
✔Энергетика вазирлиги стратегик режалаштириш ва техник сиёсат учун жавоб беради;
✔Энергетика бозори регулятори бозор муносабатлари ва тарифларни тартибга солади.
Инвестициялар соҳасига масъул идоралар инвесторларни очиқ танлов асосида жалб қилади, маҳаллий ҳокимликлар эса ер ва зарур инфратузилма масалаларини ҳал этади.
Шунингдек, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг аниқ прогнозини шакллантириш, шу асосда ҳар йили янгиланадиган уч йиллик инвестиция режаларини қабул қилиш таклиф этилди.
Бу генерация қувватлари, электр тармоқлари ва зарур инфратузилмани ўзаро мувофиқ ҳолда олдиндан режалаштириш имконини беради.
♻️ Узоқ муддатли истиқболда эса 2050 йилгача ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Унда миллий ресурс салоҳияти, демографик ва иқтисодий ўсиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи ва атом энергетикасини ривожлантириш, шунингдек, энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалалари комплекс ҳисобга олинади.
Концепцияни ҳар беш йилда қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли дата-марказларни ривожлантириш учун янги энергетика инфратузилмаси яратилади
Қорақалпоғистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг катта салоҳиятидан фойдаланган ҳолда рақамли иқтисодиёт учун янги инфратузилма яратиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинган.
Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ, Нукус туманида умумий қуввати 1 ГВт бўлган дата-марказларни ўз ичига оладиган технопарк ташкил этилади. Ушбу технопаркни «яшил» энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистондаги истиқболли шамол электр станциялари қувватларини дата-марказлар билан боғлаш учун янги электр инфратузилмаси барпо этилади.
Хусусан, 500/220 кВ кучланишли янги подстанция ҳамда қўшимча 220 кВ электр узатиш тармоғи қурилади. Бу инфратузилма Нукусдаги дата-марказларни минтақадаги 3,3 ГВт қувватли шамол электр станциялари билан боғлаш ва уларни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Бунда дата-марказларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг мавжуд истеъмолига таъсир кўрсатмаган ҳолда таъминланади. Бунинг учун дата-марказларни алоҳида ҳудудда жамлаш ва уларни зарур энергетика инфратузилмаси билан таъминлашга комплекс ёндашилади.
Дата-марказларни бир жойда жойлаштириш орқали инфратузилмага сарфланадиган харажатларни мақбуллаштириш, электр таъминотини самарали ташкил этиш имконияти яратилади. Шу билан бирга, ташкил этиладиган ушбу йирик дата-марказлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун рақамли хизматлар ва юқори технологияли ечимларни тақдим этишга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Янги энергетика инфратузилмасинининг биринчи босқичи 2027 йилнинг 2-ярим йиллигида ҳамда тўлиқ қувватда 2028 йилнинг 2-ярим йиллигида ишга тушириш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида янги дата-марказларни электр энергетика тизимига интеграция қилиш, юқори технологияли инвестицияларни жалб этиш ва Қорақалпоғистоннинг мавжуд энергетик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун зарур шароит яратилади.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/21148
https://t.me/minenergy_uz/21149
https://t.me/minenergy_uz/21150
https://t.me/minenergy_uz/21151
https://t.me/minenergy_uz/21152
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати