2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Самарқанддан Тошкентгача 500 кВ кучланишли икки занжирли янги электр узатиш тармоғи қурилмоқда
  • 03.10.2026
  • 40

⚡️Самарқанддан Тошкентгача 500 кВ кучланишли икки занжирли янги электр узатиш тармоғи қурилмоқда

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида Саудия Арабистонининг “Acwa” компанияси билан ҳамкорликда йирик энергетика лойиҳаси амалга оширилмоқда.

► Лойиҳа доирасида 1000 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси, 1336 МВт·соатлик электр энергиясини сақлаш тизими, шунингдек, янги 500 кВ ва 220 кВли электр узатиш тармоқлари қурилмоқда.

Лойиҳанинг муҳим қисми — Нуробод туманидан Тошкент вилоятидаги «Ҳалқа» подстанциясигача бўлган 350 км узунликдаги икки занжирли 500 кВли электр узатиш тармоғи. Мазкур тармоқ Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтади. Айни пайтда тармоқ таянчлари учун фундамент ишлари якунланиб, таянчларни ўрнатиш ишлари бошланган.

Мазкур тармоқ учун Марказий Осиёда илк бор янги конструкциядаги 500 кВли икки занжирли электр узатиш таянчлари қўлланилмоқда. Ушбу таянчлар махсус янги дизайн асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, уларнинг техник ечимлари Ҳиндистоннинг “Larsen & Toubro” компанияси томонидан синовдан ўтказилган. Бу эса лойиҳа доирасида қўлланилаётган таянч конструкцияларининг Марказий Осиё энергетика инфратузилмасида янги ечим эканини кўрсатади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида яна 150 км узунликдаги 220 кВли электр узатиш тармоғи барпо этилмоқда. Ҳозирда ушбу тармоқ қурилишининг 50 фоизи якунланган бўлиб, уни 2027 йил май ойида тўлиқ битказиш режалаштирилган. Натижада лойиҳа доирасида жами 500 кмелектр узатиш тармоғи барпо этилади.

500 кВли Нуробод — Тошкент «Ҳалқа» электр узатиш тармоғи қурилишини 2028 йилнинг биринчи чорагида якунлаш режалаштирилган.

Янги электр узатиш тармоқлари Нурободда барпо этилаётган қуёш станцияси ва энергия сақлаш тизимини ягона электр тармоғига самарали интеграция қилиш, Марказий ҳудудда шаклланаётган янги генерация қувватларидан электр энергиясини Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда водий вилоятларига узатиш имкониятларини кенгайтириш, шу орқали мазкур ҳудудларнинг электр таъминоти барқарорлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/21232 

Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати