
2026 йил 4 октябрь куни соат 18:15 да Чилонзор туманида жойлашган 110/35/10 кВ кучланишли «Рубоий» подстанциясида қисқа туташув (чақнаш) натижасида носозлик юзага келиб, бунинг оқибатида Чилонзор туманидаги айрим ҳудудлари истеъмолчилари электр таъминотида вақтинчалик узилиш кузатилган.
♦ Электр қурилмаларига тушаётган юклама ортгани туфайли содир бўлган носозлик оқибатида айрим қурилма ва жиҳозлар шикастланган. Мазкур ҳолат ҳақида подстанция навбатчисидан маълумот келиб тушиши билан тезкор гуруҳ мутахассислари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, вазиятни назоратга олди.
► 19:17 да носозлик бартараф этилиб, 35 кВ кучланишли электр таъминоти қисман тиклангани ҳақида маълумот берилди. 10 кВ кучланишли қурилмада эса зарур таъмирлаш ишлари давом эттирилди.
⇒ 21:50 да «Рубоий» подстанциясидаги таъмирлаш жараёнлари акс этган фотолавҳалар расмий канал орқали эълон қилинди.
► Мутахассислар томонидан зарур чоралар кўрилиб, таъмирлаш ишлари якунланди ва 22:30 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.
❗️ Шу билан бирга, мазкур ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда «подстанция буткул ёниб кетган» мазмунидаги асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқалганини қайд этамиз.
Айни вақтда «Рубоий» подстанциясидаги барча қурилмалар барқарор иш режимида фаолият юритмоқда.
► Юзага келган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.
❗️ Ҳурматли истеъмолчилар, турли норасмий манбаларда тарқатилаётган асоссиз маълумотларга ишонмасдан, электр таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фақат расмий манбаларимиз орқали берилаётган маълумотларни кузатиб боришингизни сўраймиз.
♦ Сизларни юзага келаётган ҳолатлар ҳамда уларни бартараф этиш жараёни ҳақида расмий манбаларимиз орқали мунтазам хабардор қилиб борамиз.
«ТОШКEНТ ШАҲАР МАГИСТРАЛ ЭЛEКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ
♦АХБОРОТ ХИЗМАТИ