
Хоразм вилоятида куз-қиш мавсумида энергетика соҳаси объектларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тезкор бартараф этишга тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, полковник Н.Б. Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиалига қарашли 220/110/10 кВ кучланишли «Хоразм» подстанциясида бўлишди.
Ташриф давомида подстанциянинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Машғулотлар давомида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар шароитида тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш, шунингдек, ходимларнинг амалий кўникмаларини оширишга қаратилган вазифалар бажарилди.
Мазкур ўқув машғулотлари энергетика объектларида хавфсизликни таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга доимий тайёргарликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
«ХОРАЗМ МАГИСТРАЛ ЭЛEКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ