
Тошкентнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида кузатилган узилиш қисқа вақтда қайта тикланди
Бугун, 19 октябрь куни соат 19:05 да Қибрай туманида жойлашган “Aksa Toshkent” иссиқлик электр станциясидаги трансформатор ҳимоя тизими ишга тушиши натижасида станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача камайиши кузатилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, бунга станциянинг Т-5 трансформаторидаги шикастланиш сабаб бўлган.
Бунинг оқибатида Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинча узилиш кузатилди.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида соат 19:09 да Юнусобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти қисман тикланган. Соат 19:25 да эса захира манбалар орқали таъминот тўлиқ тикланган.
Соат 19:38 да барча истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ қайта тикланган.
Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.
—
Электр таъминотидаги ушбу узилишга “Aksa Toshkent” ИЭСнинг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушиши сабаб бўлган.
Натижада ҳимоя тизими ишга тушиб, электр таъминотида узилиш юзага келган.
Ҳолат акс этган видео кузатув камераси ёзувларидан олинди.
Шу ўринда фуқаролардан электр станциялари, подстанциялар ва бошқа электр қурилмалари яқинида ҳавога шар учирмасликларини сўраймиз. Бу каби ҳолатлар электр таъминотида узилишларга сабаб бўлиши мумкин.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати