

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятида 2026 йиллнинг 23 сентябридан Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс муҳити ҳолати юзасидан ўтказилган сўровнома натижалари таҳлили ва хулосалар.
https://t.me/ijtimoiysorovuzb/112
Ушбу таҳлил "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва унинг филиалларида коррупцияга қарши курашиш муҳити, ходимларнинг хабардорлиги, комплаенс хизматининг фаолияти ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижалари асосида тайёрланди.
I. Коррупцияни тушуниш ва умумий муҳит
Коррупция тушунчаси: Ходимларнинг аксарияти коррупцияни хизмат ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш (42%) ҳамда пора олиш-бериш ва воситачилик (40%) сифатида тўғри тушунишади. Шунингдек, таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчилик ҳам жиддий муаммо сифатида қайд этилган (31%).
Умумхалқ иши эканлиги: Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги (90%) коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг иши бўлиши кераклигини қўллаб-қувватлайди. Бу ходимларда фуқаролик позицияси ва масъулият ҳиссиси юқори эканини кўрсатади.
Раҳбарият ва шахсий намуна: Раҳбариятнинг муросасизлик позицияси (“топ-менежментнинг шахсий намунаси”) бўйича фикрлар тенг бўлинган: 41% ходимлар буни тўлиқ ҳис қилса, яна 41% қисман ҳис қилишини билдирган. 18% эса бу муҳитни умуман сезмаётганини кўрсатган.
II. Кадрлар сиёсати ва Меритократия
Ишга кириш ва лавозимга кўтарилиш: Меритократия тамойиллари амалга оширилаётгани бўйича ижобий фикрлар (38% тўлиқ, 31% қисман) билан бирга, жиддий хавотирлар ҳам мавжуд. Ходимлар кадрлар танлашда малакали ва профессионал кадрлар етишмаслигини (36%) ҳамда фаолият етарли даражада рақамлаштирилмагани ва инсон омили юқорилигини (26%) асосий муаммо сифатида кўрсатишган.
Коррупция даражасини баҳолаш (5 баллик тизимда): Филиалларда ишга жойлашишдаги коррупция: 58% ходим энг паст кўрсаткични (1 балл) қўйган бўлсада, 23% ходим юқори баллар (4 ва 5) орқали коррупция хавфи сақланиб қолаётганини билдирган.
Юқори лавозимга кўтарилишдаги коррупция: 50% ходим 1 балл берган, бироқ 19% ходим юқори баллар билан бу соҳада муаммолар борлигини таъкидлаган.
III. Комплаенс хизмати ва хабардорлик
Норматив ҳужжатлар ва сиёсат билан танишиш: Ходимларнинг 52% қисми "Коррупцияга қарши курашиш сиёсати" ва одоб-ахлоқ қоидалари билан тўлиқ таниш, 38% умумий тушунчага эга. Бироқ 10% ходим умуман таниш эмаслигини билдирган, бу эса тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлигини билдиради.
Ишонч телефонлари ва Whistleblowing: Ходимларнинг 58% қисми ишонч телефонлари орқали хабар бериш мумкинлигини яхши билади. Бироқ 59% ходимгина шахсининг сир сақланишига тўлиқ ишонишини билдирган бўлса, 22% ходим тазйиқдан қўрқиши ва ишонмаслигини таъкидлаган.
Комплаенс хизмати самарадорлиги: Ходимларнинг ярмидан кўпи (50% тўлиқ, 35% қисман) комплаенс хизматининг мустақил ва холис фаолият юритишига ишонади. Шунингдек, ўтказилаётган мониторинг ва тадбирлар коррупция хавфларини камайтиришга ёрдам бераётгани (52%) эътироф этилган.
IV. Асосий муаммолар ва тўсиқлар
Сўровноманинг якуний қисмида ходимлар қуйидаги тизимли муаммоларни олдинга суришган:
Қўрқув омили: Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга тўсқинлик қилувчи асосий омил сифатида — «Ўткир» муаммоларни етказиш оқибатида ишни йўқотишдан қўрқиш (33%) ҳамда салбий оқибатлар ва таъқиблар (15%) кўрсатилган.
Кадрлар ва шаффофлик: Малакали кадрлар етишмаслиги (36%), фаолиятнинг етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги (26%), шунингдек, инсон омилининг юқорилиги (26%) асосий камчиликлар қаторида турибди.
V. Хулоса ва тавсиялар
Шаффофлик ва рақамлаштиришни кучайтириш: Кадрлар сиёсатида инсон омилини камайтириш учун ишга қабул қилиш ва лавозимга кўтариш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, танлов жараёнларининг очиқлигини таъминлаш зарур.
Ҳимоя механизмларини мустаҳкамлаш: Whistleblowing (хабар бериш) тизимининг махфийлигини ошириш, ходимларнинг тазйиққа учрамаслиги бўйича ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш орқали уларнинг ишончини қозониш талаб этилади.
Мақсадли ўқув машғулотларини ташкил этиш: Ходимлар томонидан "Манфаатлар тўқнашувини амалда ҳал этиш" (50%), давлат харидлари ва халқаро стандартлар ( ISO 37001) бўйича қўшимча тренингларга эҳтиёж юқорилиги кўрсатилгани боис, ўқув дастурларини шу йўналишларга мослаштириш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу таҳлил Акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш ва аниқланган бўшлиқларни бартараф этиш бўйича тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Мувофиқлик тизими (Комплайнс) хизмати
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати