
«Ўзбекистон» радиоканалининг FM.103.1 тўлқинларида жонли эфирга узатилган «Эфирда гаплашамиз» дастурида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Улуғбек Урунов, "Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот котиби Фахриддин Нуралиев, "Ҳудудгазтаъминот” АЖ "Пойтахтгазтаъминот” филиали бош мутахассиси Умид Ҳайдаров, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Иссиқлик ва совитиш тизимларини ривожлантириш бўлими бошлиғининг ўринбосасри Солижон Қўшоқов ҳамда Кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва эксплуатация тизимини мувофиқлаштириш ҳамда реновация лойиҳаларини умумлаштириш департаменти бош мутахасиси Азизжон Абдуллаев куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни иссиқлик манбайи, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси билан таъминлаш жараёни ҳақида ахборот беришди.
https://www.youtube.com/
► Дастур давомида истеъмолчиларга айрим тавсиялар бериб ўтилди.
Радиобошловчи Наффал Содиқжон ўғли.
Дастурни Мавжудахон Оппоқхўжаева тайёрлади.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 2026/2027 йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди, унга асосан 23 553 км электр тармоғи, 2 817 та трансформатор ва 4 217 та коммутацион аппаратда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Трансформаторларнинг совитиш тизимидаги 681 та электр двигатели таъмирланди. Барча электр узатиш ҳаво тармоқлари навбатдан ташқари ва даврий кўрикдан ўтказилиб, 25 868 та изолятор ҳамда 14 276 та қуш қўнишидан ҳимояловчи мосламалар ўрнатилди. Йил бошидан 1 679 та подстанциядаги электр қурилмаларининг контакт бирикмалари ҳамда 36 568 километр электр тармоғи тўлиқ тепловизор кўригидан ўтказилиб, аниқланган қизиш ҳолатлари бартараф этилди.
Юқори кучланишли магистрал электр узатиш тармоқларининг бориш қийин бўлган ҳудудларини, муҳофаза зоналаридаги қурилишлар ва дарахтзорларни аниқлаш, шунингдек, авариявий ҳолатларда шикастланган жойларни қисқа муддатда топиш мақсадида 1 915 километр узунликдаги электр тармоқлари учувчисиз аппарат — дрон ёрдамида кўрикдан ўтказилди. Кўриклар давомида аниқланган нуқсонлар ўз вақтида бартараф этилиб, юзага келиши мумкин бўлган авариявий ўчишларнинг олди олинди.
Электр тармоғи хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 200 тонна трансформатор мойи, 5 тонна турли русумдаги сим, 10 километр кабель маҳсулоти, 60 дона металл ва темир-бетон таянч устунлари, 5 555 та изолятор, шунингдек, подстанциялар учун турли қувватдаги 97 та трансформатор захираси шакллантирилди.
Авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 222 та навбатчи бригада ташкил этилган бўлиб, улар махсус автотранспорт, зарур эҳтиёт қисмлар, алоқа ва ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.
Мавсум учун жами 629 та автотранспорт ва махсус техника, жумладан, 43 та автокран, 14 та экскаватор, 125 та юк кўтариш машинаси, 82 та бригада ва 302 та тезкор гуруҳ (ОВБ) автотранспорти, 39 та автогидрокўтаргич ҳамда 24 та кўчма электротехника лабораторияси шай ҳолатга келтирилган.
Электр қурилмаларида авариявий ҳолатлар содир бўлганда тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва уларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Акциядорлик жамиятининг Ситуацион таҳлил бошқармасида раҳбар ва масъул ходимларнинг 24 соатлик навбатчилик режими йўлга қўйилган.
Истеъмолчиларни ўз вақтида огоҳлантириш, яъни режали таъмирлаш ҳамда фавқулодда ўчиш хабарлари Ахборот хизмати билан ҳамкорликда расмий веб-сайт ҳамда унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида истеъмолчилар эътиборига тақдим этиб борилмоқда.
►YouTube’да кўриш/эшитиш
Марҳамат, радиомулоқот дастури билан танишинг!
Facebook ♦ Инстаграм ♦ YouTube
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати