2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
«Ренесанс-ТВ» телеканалида «Ғузор-Регар» — ҳамкорликдан энергетик ислоҳотлар сари» номли махсус репортаж эфирга узатилди
  • 18.11.2026
  • 3

МАХСУС РЕПОРТАЖ: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган лойиҳа — «500 кВ кучланишли «Ғузор–Регар» (Л-507) электр узатиш тармоғини реконструкция қилиш» лойиҳасининг Марказий Осиё давлатлари электр энергетика умумтизимидаги аҳамияти.

Энергия ресурсларининг барқарор таъминоти — иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи куч, ишлаб чиқариш жараёнининг таянчи ва аҳоли ҳаётининг муҳим аҳамият касб этувчи неъмати. Электр энергетика тармоғи — бу ёруғлик, ходадон ва офис хоналарининг мўътадим иқлим шароити, электр ускуна ва жиҳозларнинг жон озиғи. Уни ишончли узатиш эса замонавий, мустаҳкам ва ўзаро боғланган энергетика инфратузилмасини талаб этади.

Ўзбекистоннинг магистрал электр тармоқларини янгилашга қаратилган лойиҳалар орасида 500 киловольт кучланишли «Ғузор–Регар» электр узатиш тармоғини реконструкция қилиш алоҳида ўрин тутади. Бу — нафақат инфратузилмани тиклаш, балки минтақавий энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим қадам.

«Ғузор–Регар» электр узатиш ҳаво тармоғиси илгари икки давлат энергетика тизимларини боғлаб турган муҳим тармоқлардан бири бўлган. Кейинчалик узилган ушбу алоқани қайта тиклаш зарурати минтақада электр энергияси алмашинувини кенгайтириш ва тизимлар параллел ишлаганда ишончлиликни ошириш мақсадлари билан боғлиқ эди. Лойиҳанинг асосий вазифаси — Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги электр энергетика алоқаларини тиклаш, трансчегаравий электр энергияси алмашинуви имкониятларини кенгайтириш ҳамда минтақавий энергетика тизимлари интеграциясини мустаҳкамлаш.

Лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 3285-UZB-сонли кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Қурилиш-монтаж ишлари бўйича шартнома 2020 йил 18 ноябрда халқаро компания — «Shanghai Electric Power Transmission & Distribution Engineering Co., Ltd.» билан 14 миллион 700 минг АҚШ доллари қийматига тенг шартларда имзоланган.

Дастлаб экологик тадқиқот ва қайта лойиҳалаш ишлари бажарилди. Яшаш биноси ёки ёрдамчи хўжалиги мавжуд айрим аҳоли вакилларига амалдаги қонунчиликка мувофиқ компесация тўловлари тўлаб берилди. Юқори кучланишли ушбу тармоқнинг қурилиш-монтаж ишларида маҳаллий мутахассис ва корхоналарнинг ҳам иштироки муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳага мувофиқ янги пойдеворлар ўрнатилди ва металл конструкцияли замонавий таянч устунлари қад кўтарди. Ўтказувчанлик қуввати юқори бўлган сим-арқонлар тортилди, шунингдек, электр узатиш ҳаво тармоғи билан боғлиқ подстанция ячейкалари модернизация қилинди. Қурилиш ишлари 2021 йилда якунланиб, тармоқ фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи электр узатиш ҳаво тармоғи қисми қарийб 64 километрни ташкил этади. Унинг 500 киловольт кучланишда ишлаши катта ҳажмдаги электр энергиясини узатиш имконини беради. Лойиҳада дастлаб 900 мегаватт ўтказиш қуввати белгиланган бўлса, якунловчи ҳисоботда амалдаги кўрсаткич 1 200 мегаватт этиб қайд этилган. Бу кўрсаткич электр энергиясини узатиш имкониятлари кенгайганини кўрсатади. 2023 йилда икки давлат ўртасидаги электр энергияси алмашинуви тахминан 1 миллиард киловатт-соатни ташкил этгани ҳам тармоқнинг минтақавий аҳамиятини намоён этади. Бу кўрсаткич 2025 йил якуни билан янада ошган рақамларни кўрсатмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундапки, мазкур электр узатиш ҳаво тармоғи, шунингдек, жанубий ҳудудлардаги истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш барқарорлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Бугун энергетика соҳасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш билан бир қаторда, мавжуд тармоқларни модернизация қилиш ва электр энергиясини истеъмолчиларга ишончли етказиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. «Ғузор–Регар» лойиҳаси ана шу вазифаларнинг муҳим бўғинидир. У халқаро молиялаштириш, хорижий технология ва маҳаллий мутахассислар иштирокида йирик инфратузилма объектини қайта тиклаш мумкинлигини кўрсатган амалий тажриба бўлди. Бунда натижа фақат янги таянчлар ёки симларда эмас — энергетика тизимлари ўртасидаги алоқа ва электр энергияси алмашинуви имкониятларининг кенгайишида ҳам намоён бўлади.

«Ғузор–Регар» 500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғининг реконструкция қилиниши — Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва қўшни давлат билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги аниқ натижалардан биридир. 2021 йилда фойдаланишга топширилган ушбу электр узатиш ҳаво тармоғи бугун ҳам минтақавий электр энергетика алоқаларини таъминлашга хизмат қилувчи стратегик инфратузилманинг бир қисми ҳисобланади. Чунки барқарор энергетика — ишончли тармоқлар, самарали ҳамкорлик ва келажакка қаратилган инвестициялардан бошланади. 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати