Янгиликлар
РАДДИЯ: “Podrobno.uz” ахборот агентлигининг “Тошкент тиббий-санитария қисми” МЧЖ ходимларининг мурожаати юзасидан эълон қилинган хабар юзасидан расмий муносабат
  • 02.03.2023
  • 222

2023 йил 27 февраль куни “Podrobno.uz” ахборот агентлиги сайтида “Ўзбекистонда 200 нафардан ортиқ шифокорлар ишсиз қолиши мумкин” сарлавҳали (статья под названием «В Узбекистане более 200 медиков могут остаться без работы») хабар эълон қилинган эди. Мақолада Энергетика вазирлиги тасарруфида бўлган ва бир неча йиллардан бери энергетика соҳаси ходимларига хизмат қилиб келган тиббиёт муассасаси, яъни унинг бинолари ва ҳудуди аукционда сотишга қарор қилингани, шу боис бу ерда ишлаётган 261 нафар ходимнинг тақдири қил устида қолаётгани ёзилган. Ушбу хабар “Podrobno.uz” мухбири  томонидан фаол жамоатчи — блогер Ислом Капарзо томонидан эълон қилинган видеомурожаат ҳавола берилган ҳолда нашр этилаётгани билдирилган.

https://podrobno.uz/

 

Маълум қиламизки, 2023 йил 18 февраль куни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ахборот хизмати uzbekistonmet.uz сайти орқали юзага келган вазият юзасидан расмий тушунтириш берган эди: “Расмий муносабат: Тиббий муассасанинг бугунги кундаги таъсисчиси — Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатидаги масала Агентлик томонидан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ”.

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/3546

 

Муассасанинг ташкил этилиш тарихига бир назар:

Тошкент тиббиёт-санитария бошқармаси 1994 йил 5 январда «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» трестининг 1-сон буйруғи асосида, кейинроқ Ўзбекистон Энергетика ва электрлаштириш вазирлигининг 1994 йил 18 октябрдаги 271-сонли буйруғига асосан ташкил этилган. Тиббиёт-санитария бошқармаси аввал поликлиника шаклига, 1995 йил апрель ойидан бошлаб амбулатор ва стационар даволаш функцияларига эга бўлган тўлақонли тиббиёт муассасаси сифатида ўз фаолиятини давом эттирган.

2001 йил 6 январда Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрификация вазирлигининг 7-сонли буйруғи ва “Тошкент электр тармоқлари” корхонасининг 2001 йил 15 январдаги 15-сонли буйруғига асосан “Тошкент электр тармоқлари” корхонаси тасарруфига ўтказилди. Сўнгра «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компаниясининг 2004 йил 1 ноябрдаги 77-сонли буйруғи асосида мазкур тиббий-санитария муассасаси «Ўзэлекттармоқ» шўъба корхонаси балансига ўтказилган.

Тиббиёт муассаса ташкил этилган кундан бошлаб бугунги кунгача республика электр энергетика соҳаси ходимларига бепул тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

2019 йилда «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси қайта ташкил этилиб, унинг корхоналари негизида 3 та акциядорлик жамиятлари (“Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти) ташкил этилгандан сўнг мазкур тиббий муасаса Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ балансга ўтказилган.

Қайд этиш жоизки, Тиббий-санитария муассасаси 2019 йил 1 февралда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида ҳеч қачон бўлмаган (Podrobno.uz ахборот агентлиги хабарида таъкидлаб ўтилганидек).

Шу ўринда электрон нашр саҳифаларида келтирилган жумланинг ҳақиқатдаги ҳолатга зид бўлгани қисмига эътибор қаратмоқчимиз.

Иқтибос: “...Ходимларнинг сўзларига кўра, муаммо Энергетика вазирлиги ўзининг ихтисослаштирилган поликлиникасини “Миллий электр тармоқлари” ҳомийлигига ўтказганидан кейин юзага келган. Ва уларнинг раҳбарияти, ўз навбатида, бинони кимошди савдосига қўйишга қарор қилди.”

Расмий муносабат: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ–168-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида агентлигининг “Тошкент тиббий-санитария қисми” муасасини МЧЖ — масъулияти чекланган жамият шаклига ўтказиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига топширди ва аукционда сотиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмаган. Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори талаблари ҳамда Акциядорлик жамияти бошқарув органларининг қарорларидан келиб чиқиб, бугунги кунда “Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан тиббий-санитария муассасаси барқарор фаолиятини сақлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу жумладан, тиббий-санитария муассасаси ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартлар асосида иш ҳақи тўловлари амалга оширилмоқда.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, “Podrobno.uz” ахборот агентлигидан мазкур нашр мазмунига тегишли тузатишлар киритишни ёки ушбу масала юзасидан алоҳида раддия эълон қилишни сўраймиз:

 “Тошкент тиббий-санитария қисми” муассасаси ҳеч қачон Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига тасарруфида бўлмаган. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти тиббий-санитария  муассасасини кимошди савдосида сотиш бўйича қарор қабул қилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ–168-сон қарорини бажариш мақсадида “Тошкент тиббиёт-санитария қисми” муассаси барча мулк мажмуаси билан бирга тегишли тартибда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига ўтказиб берилган.

 

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>