2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Қизиқарли хабарлар
Ўзбекистонда яшил водород ишлаб чиқариш лойиҳаси
  • 02.09.2025
  • 29

2025 йил май ойида Ўзбекистон Энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов Марказий Осиёда биринчи бўлиб саноат миқёсида яшил водород ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилганлигини эълон қилди.

Лойиҳа Чирчиқ шаҳридаги аммиак ишлаб чиқарувчи завод базасида Саудия Арабистони компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

⚡️ Лойиҳанинг биринчи босқичи

Йилига 3 000 тонна яшил водород ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ишлаб чиқарилган водород минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Яшил водород – бу сувни электролиз қилиш йўли билан ишлаб чиқариладиган водород бўлиб, бунинг учун зарур бўлган энергия қуёш панеллари ёки шамол генераторларидан олинади.

Унинг асосий афзаллиги — ишлаб чиқариш жараёнида СО₂ чиқиндиларининг ҳосил бўлмаслигидир. Бу уни, асосан, фосил ёқилғиларидан олинадиган ва зарарли чиқиндилар чиқарадиган «кулранг» водороддан кескин фарқлайди.

Яшил водороднинг қўлланилиши

Яшил водород қуёш ва шамол энергиясини «сақлаш» воситаси сифатида ҳам ишлатилади.

Масалан, қуёш ёруғлиги жуда кучли ёки шамол кучли эсаётган пайтда ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси яшил водород ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Кейинчалик, энергияга талаб ортган пайтда, сақланган бу водород ёқиб юборилиши ёки яна электр энергиясига айлантирилиши мумкин.

Таълим ташаббуси

Лойиҳа доирасида шунингдек кенг қамровли таълим дастури ҳам амалга оширилмоқда: Тошкент давлат техника университети Делавер университети (АҚШ) билан ҳамкорликда яшил водород технологиялари бўйича магистратурага мўлжалланган янги дастур ишлаб чиқди ва жорий қилди.

Бундан ташқари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун яшил водород соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш мақсадида махсус ўқув семинарлари ташкил этилди.

Мамлакат экологик стратегиясидаги ўрни

Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг 2050 йилга келиб углерод нейтраллигига эришиш ва 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 25 фоизга ошириш стратегиясининг муҳим таркибий қисмидир.

Яшил водород келажакда барқарор ва тоза энергетикага ўтишдаги асосий омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Манба:  https://t.me/clearenergy/2855

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati