
Ўлкамизда баҳор фаслининг дастлабки кунларига мос бўлган иқлим шароитии ҳукм сурмоқда. Ҳадемай янгиланиш фаслининг илиқ кунлари бошланади.
✅ Юртимиз сарҳадларига илиқ об-ҳаво кириб келиши биланоқ, мамлакатимиз деҳқонлари-ю боғбонлари дала-ю боғларни янги мавсумга тайёрлашни бошлаб юборади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар экин майдонларида мавсумий агротадбирларни бошлашга ҳозирлик кўради. Экин майдонлари ва боғлар ўтган йилги хас-хашак, ўт-ўлан қолдиқларидан тозаланади.
❗️ Шу муносабат билан магистрал электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати юртимиз деҳқон ва фермерларига қуйидаги мурожаатни эълон қилади:
«Азиз фуқаролар, ҳурматли истеъмолчилар! Юртимиз заҳматкаш деҳқон ва фермерлари!
Юқори кучланишли электр тармоқларига туташ экин майдонларида мавсумий агротадбирларни ташкил этишда эътиборли бўлинг! Магистрал электр тармоқлари муҳофаза зонаси ва юқори кучланишли подстанциялар яқинида чиқиндиларни тўплаш ҳамда олов ёқиш тақиқланади!»
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, электр тармоғи хўжалиги объектларининг барқарор ишлаши учун, "муҳофаза зоналари"да экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш тақиқланган.
Хусусан,
1️⃣ Биринчидан, электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш (отиш), шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш тақиқланади. Яъни темир-бетон ва металл конструкцияли таянч устунларига чиқиш, таянч устунларининг таркибий элементларига шикаст етказиш, уларнинг металл бўлакларини ечиб олиш, мустаҳкамлигига путур етказиш, шунингдек, таянч устунлари остини юмшатиш мумкин эмас.
2️⃣ Иккинчидан, электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш тақиқланади. Яъни навбатчи бригада ва қурилиш-монтаж гуруҳи ходимлари, уларнинг автотранспорт воситалари ҳамда таъмирлаш-созлаш механизмлари ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай жисм ва предметларни “муҳофаза зонаси” майдонига жойлаштириш мумкин эмас.
3️⃣ Учинчидан, электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш тақиқланади. Яъни электр узатиш линиялари муҳофаза зонаси ҳамда подстанциялар яқинида қишлоқ хўжалиги экинлари қолдиғини тўплаш ва ёқиш мумкин эмас.
✍️ Ҳуқуқий асос
⇒ Шу билан бирга, электр узатиш ҳаво линиялари "муҳофаза зонаси" майдонида кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш; муқим ва кўчма савдо расталарини ташкил этиш, чиқиндихона ташкил этиш, ахлатхоналарни жойлаштириш-йиғиш; ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш, уларни сақлаш ва қуйишни амалга ошириш тақиқланади!
‼️ Эслатиб ўтамиз, "муҳофаза зоналари"да тақиқланган ишлар, жумладан ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун амалдаги қонунчиликка биноан жавобгарлик мавжуд.
⚡️ Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди!
⚠️ Эътибор беринг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори, 3-боб, 13-бандига мувофиқ Электр тармоғи хўжалиги объектлари – ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.
⚠️ Қарорнинг 14-бандида электр тармоғи хўжалиги объектларининг "муҳофаза зоналари" масофаси — электр узатиш линияларининг кучланиш миқдорига мос тарзда белгилаб берилган ва улар қуйидагича:
► 35 киловольт кучланишли линиялар учун – 15 метр;
► 110 киловольт кучланишли линиялар учун – 20 метр;
► 220 киловольт кучланишли линиялар учун – 25 метр;
► 500 киловольт кучланишли линиялар учун – 30 метр.
Эслатиб ўтамиз, электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб — четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб, электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги масофага эга параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми — электр узатиш линияларининг “муҳофаза зонаси” деб аталади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Магистрал электр ттармоқлари филиаллари тасарруфидаги электр тармоқларининг "муҳофаза зоналари" ҳудудларида 2026 йил 5 январь ҳолатига аниқланган ноқонуний қурилмалар сони 1095 тани ташкил этган. Аниқланган ушбу қонун бузилиши ҳолатлари ваколатли органлар томонидан амалдаги тартибда бартараф этилмоқда.
‖ Facebook ‖ Instagram ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати