2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот котиби юртимиз деҳқон ва фермерларига мурожаат билан чиқди
  • 17.03.2026
  • 4

Ўлкамизда баҳор фаслининг илиқ кунлари бошланди. Юртимиз сарҳадларига илиқ об-ҳаво кириб келиши биланоқ, мамлакатимиз деҳқонлари-ю боғбонлари дала-ю боғларни янги мавсумга тайёрлашни бошлаб юборади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар экин майдонларида мавсумий агротадбирларни бошлайдилар. Экин майдонлари ва боғлар ўтган йилги хас-хашак, ўт-ўлан қолдиқларидан тозаланади.
Шу муносабат билан магистрал электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати юртимиз деҳқон ва фермерларидан қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя қилишларини сўрайди. 
«Азиз фуқаролар, ҳурматли истеъмолчилар! Юртимизнинг заҳматкаш деҳқон ва фермерлари! 
Юқори кучланишли электр тармоқларига туташ экин майдонларида мавсумий агротадбирларни ташкил этишда эътиборли бўлинг! Магистрал электр тармоқлари муҳофаза зонаси ва юқори кучланишли подстанциялар яқинида чиқиндиларни тўплаш ҳамда олов ёқиш тақиқланади!»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, электр тармоғи хўжалиги объектларининг барқарор ишлаши учун, "муҳофаза зоналари"да экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш тақиқланган.

Шунингдек,

Биринчидан, электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш (отиш), шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш тақиқланади. 
Иккинчидан, электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш тақиқланади. 
Учинчидан, электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш тақиқланади
Шу билан бирга, электр узатиш ҳаво линиялари "муҳофаза зонаси" майдонида кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш; муқим ва кўчма савдо расталарини ташкил этиш, чиқиндихона ташкил этиш, ахлатхоналарни жойлаштириш-йиғиш; ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш, уларни сақлаш ва қуйишни амалга ошириш тақиқланади!

Эслатиб ўтамиз, "муҳофаза зоналари"да тақиқланган ишлар, жумладан ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун амалдаги қонунчиликка биноан жавобгарлик мавжуд. Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди!

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati