Янгиликлар
Айни пайтда электр таъминотида долзарб аҳамиятга эга бўлган масалалар uzbekistonmet.uz веб-сайти саҳифаларида (иқтибослар хронологик тартибда)
  • 01.07.2022
  • 227

Ижтимоий тармоқ саҳифаларида:

✔️  DIQQAT!!! Qashqadaryo viloyati elektr taʼminotiga cheklovlar  davom etadi.

▶️  Tizimda quvvat yetishmasligi sababli, Energetika vazirligi huzuridagi “Milliy dispetcherlik xizmati” DUK  topshirig‘iga asosan "Milliy elektr tarmoqlari" AJ tomonidan elektr taʼminotiga cheklovlar kiritilmoqda.  Shu bois Chiroqchi, Ko‘kdala, Koson, Nishon, Mirishkor, Qarshi, Gʻuzor va Qamashi tumanlariga elektr taʼminotida uzilishlar kuzatilmoqda.

✔️  Qashqadaryo viloyati elektr taʼminotiga cheklovlar kiritilmoqda

✔️  Вилоятимизнинг айрим ҳудудлари электр энергияси таъминотида узилишлар  кузатилмоқда

▶️  КМЗ 1, КМЗ 2, Марказий 1, Марказий 2 ва Ҳилол линияларига 28 январ 10:20 дан Миллий электр тармоқлари АЖ миллий диспетчерлик хизмати томонидан чеклов киритилди. Шу боис Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Миришкор туманларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

uzbekistonmet.uz  веб-сайти  саҳифаларида масалага тааллуқли мақола ва маълумотномалардан иқтибослар:

✅  “...Агар истеъмолчилар электр энергия тизимидаги барча ресурслардан оқилона фойдаланмаса ва бу орқали энерготизимда мувозанат таъминланмаса, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ташкилотларининг диспетчерлари ўз фаолиятидаги тартибга мувофиқ чекловлар ўрнатади. Агар бу мувозанат ҳудудий назоратчилар томонидан амалга оширилмаса, яъни маълум жадвалга асосан чекловлар ўрнатиш орқали мувозанат сақлай олинмаса ёки улар томонидан марказий диспетчерлик бошқаруви кўрсатмаларига амал қилинмаса, энерготизим хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан юқори кучланишли электр линиялари тармоқдан вақтинча узиб қўйилади. Аниқроғи, бундай амалиёт қўлланилишига мажбур бўлинади. Агар ҳудудий диспетчерлар маълум жадвал тартибига асосан, тегишли техник-муҳандислик қоидаларига биноан паст кучланишли электр тармоқларида энерготизим балансини таъминласа (0,4 кВ, 6-10 кВ), марказий диспетчерлик бошқарувида фавқулотда қарор қабул қилинишига ҳожат бўлмайди.”

26.11.2019ДИСПЕТЧЕР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ УЗМАСА НИМА БЎЛАДИ? ЁХУД ТИЗИМИДАГИ ЙИРИК АВАРИЯЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ (Эсо Садуллаев, техника фанлари номзоди)

✅  “...Мурожаатингизда электр таъминотидаги чекловлар айнан энергоресурсларга эҳтиёж ортган пайтда (тонгги нонушта ва кечки дам олиш пайтида) амалга оширилаётгани ҳақида ёзибсиз... Сизга шуни маълум қиламизки, одатда айнан эрталабки 5:00 дан 9:00 гача ва кечки 18:00 дан кейин кунлик ўртача истеъмолнинг энг юқори кўрсаткичлари қайд этилади.
    Буни оддий сўз билан ифодаласак, куннинг маълум бир пайтида электр таъминотига бўлган талаб кескин ортиши оқибатида электр жиҳозлари ва ускуналарида фавқулодда авария ёки ёнғинлар содир бўлмаслигининг олди олиниб, ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги балансни таъминлаш мақсадида, маҳаллий диспетчерлар томонидан маълум маънодаги чекловлар ўрнатилишига мажбур бўлинади.
     Агар кичикроқ ҳудуд доирасида турли сабабларга кўра таъминот балансини сақлай олиш имкони бўлмаса, энерготизим барқарорлигини таъминловчи ҳимоя воситалари ишлаши оқибатида каттароқ ҳудуд доирасида узилишлар содир бўлади.”

24.01.2020  — МУРОЖААТ МАЗМУНИ: «НЕГА АЙНАН НОНУШТА ВА КЕЧКИ ОВҚАТ ПАЙТИ ЧИРОҚ ЎЧАДИ?»

✅  “...Келгусида шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тоифаланган объектлар электр жиҳозларини, хусусан сув насосларини ҳам барча техник-муҳандислик талабларга мос равишда — соз ҳолатда эксплуатация қилиш мақсадга мувофиқ. Тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида шуни айтишимиз мумкинки, агар электр таъминотидаги хавфсизлик шартлари: авариявий ўчиш ва автоматик қайта уланиш жараёнида сув насосларида турли носозликлар келиб чиқаверганида, сув таъминоти жараёнида беқарор вазият юзага келиши содир бўлар эди.”

03.08.2020  — РАСМИЙ МУНОСАБАТ: ЭЛЕКТР ЖИҲОЗЛАРИНИ ТЕХНИК-МУҲАНДИСЛИК ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛИШ МУҲИМ

✅  “...Амалимиз ва сўзимиз орасидаги тафовут, тежамкорлик, оқилона фойдаланиш заруриятини била туриб амал қилмаслигимиз — оғриқли масала. Ахир меҳнаткаш халқимизда исроф қилмаслик борасида доно нақл ва тушунчаларимиз бор. Самара ва тежам ҳақида гап кетганда, ташкилотимиз раҳбари бир иборани, халқимиз орасида маълум ва машҳур бир жумлани кўп ишлатади ва бу нақл мавзунинг мазмун-моҳиятини бир лаҳзада очиб бергандай: «Денгиз соҳилида таҳорат олсанг ҳам сувни керагидан ортиқ ишлатма!»”

12.11.2020 ТОНГНИ ЁРИТГАН ЧИРОҚЛАР ЖИЛОСИ ЁХУД ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТЕЖАМКОРЛИГИ ВА САМАРАДОРЛИГИ ҚУРУҚ ГАПМИ?

✅  “...Электр энергияси шундай маҳсулотки, уни сақлаб бўлмайди. Ишлаб чиқарилдими, дарҳол истеъмол қилиниши керак. Яъни биз уни қаердадир яшириб сақлаб қўя олмаймиз. Жайдари тил билан айтганда, “свет” ўчганда кўпчилик ҳудудий электр тармоқлари операторини сўкади. Аммо уларда айб йўқ, аслида йўқ нарсани улар топиб бера олишмайди. Совуқ кунларда истеъмол каррасига ошади, бизнинг аксарият уйларимиз, биноларимизда иситиш қолоқ даражада. Ҳамма электр иситкичларни ёқади, юклама кескин ортади. Бу эса тизимнинг дош бера олмаслигига олиб келади.”

23.11.2020  — ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ: “СВЕТ” ЎЧГАНДА ҲУДУДИЙ ДИСПЕТЧЕРНИ СЎКИШ ТЎҒРИ ЭМАС, У ЙЎҚ НАРСАНИ БЕРА ОЛМАЙДИ”

✅  “...Юқоридаги фикрлардан шундай мантиқий хулоса чиқадики, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия баланси (!) мунтазам равишда таъминланиши лозим. Техник-муҳандислик шартларига кўра тизимда ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш — тизим ишончли фаолиятининг кафолати ҳисобланади.
Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар электр таъминоти узилишидан манфаатдор эмас. Аксинча, истеъмолчиларга етказиб берилмаган энергоресурслар ишлаб чиқаришда «йўқотилган фойда» ҳисобланади.”

01.12.2020АОКАда брифинг: «ЭНЕРГОТИЗИМДА МУВОЗАНАТНИ САҚЛАШ — КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАС УСТУВОР ВАЗИФА»

✅  “...Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни кунларда “Қашқадарё ҲЭТК” АЖ бўйича жорий режимларда юқори кучланишли таъминловчи тармоқлар орқали чекловлар киритилиш ҳолатлари мавжуд эмас.
 Электр энергияси танқислиги  юз берган ҳолатларда таъминловчи тармоқлар ва энергетика тизими турғунлигини таъминлаш мақсадида “Қашқадарё ҲЭТК” АЖ маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган ҳолда, жадваллар асосида истеъмолни шартномавий миқдор доирасида таъминлаб бериши талаб этилади.”

28.01.2021МАҲАЛЛИЙ ОАВ — ЭЛЕКТРОН НАШРЛАРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН АЙРИМ ХАБАРЛАРГА ЖАВОБАН “ЎЗБЕКИСТОН МЭТ” АЖ АХБОРОТ ХИЗМАТИ МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК МАРКАЗИ МАЪЛУМОТЛАРИГА ТАЯНИБ ХАБАР БЕРАДИ

✅  “...Бу рақамлар юқори кучланишли подстанция ва тармоқларда бирорта муаммо ва камчиликлар қолмади, дегани эмас, албатта. Йилдан-йилга, мавсумдан-мавсумга ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун ҳали кўплаб электр қурилма ва жиҳозлар янгиланиши, муҳими — тўғри эксплуатация этилиши, замонавий, ихчам, рақамли технологиялар асосида ишлайдиганларига алмаштирилиши лозим.
 Қарийб чорак аср давомида деярли янгиланмаган юқори кучланишли электр ускуналари охирги 4-5 йилда, инвестицион лойиҳалар доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан янгиланиб, янги-янги электр объектлари қурилмоқда. Аммо булар ҳали ривожланаётган Янги Ўзбекистон учун етарли эмас...”

13.08.2021«ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ: ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИНИНГ БАРҚАРОР ФАОЛИЯТИ — ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БЎЙИЧА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ТАЯНЧИ ҲИСОБЛАНАДИ

✅  “...Фараз учун, Ўзбекистонда бир кунда ≈ 24 соат давомида 1 миллиард 438 миллион 095 минг 238 дона чироқ ёниб туради...”

19.11.2021ТАҚРИБИЙ ТАҚҚОСЛАШ: ЎЗБЕКИСТОНДА БИР КУНДА ҚАНЧА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНАДИ?

✅  “...Бундан ташқари, йирик носозликлар содир бўлишига нафақат ноқулай об-ҳаво, шунингдек, электр тармоқларида хизмат қилаётган айрим ишчи-ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари, малакасизлиги ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Мисол учун, 1998 йил 8 декабрь куни АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида 940 минг нафар аҳолиси электр таъминотисиз қолишига маҳаллий подстанция ишчисининг биргина хатоси сабабчи бўлган.”

07.12.2021  — ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИНГ ТЕХНИК ВА МУҲАНДИСЛИК ШАРТЛАРИ: ДУНЁ ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКАСИДАГИ ЙИРИК АВАРИЯЛАР ВА УЛАРНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

✅  “...Дарвоқе, Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия тизими бутун МДҲ давлатларидаги каби 50 ± 0,05 Гтс даражадаги частотада ишлайди ва бу техник кўрсаткич Собиқ Иттифоқ даврида яратилган меъёр ҳисобланади. Бу кўрсаткични ҳар дақиқа ростлар (меъёрлаштириб) туриш мушкул масала, айниқса Ўзбекистон энергетика тизимига ўхшаш иссиқлик электр станцияларининг улуши катта бўлган мамлакат учун.
Яна бир муҳим омил шундаки, ҳар қандай энергетика тизими иқтисодий фойдани кўзлайди, яъни ўз маҳсулотини — электр энергиясини қўшни ёки минтақанинг бошқа мамлакатларга экспорт қилиши ёки аксинча, арзонроқ бўлса, қўшнилардан харид қилиш самарадорлигига интилади. Демакки, бу ҳам техник-муҳандислик, ҳам тузатиш-созлаш, ҳам сув ва қазилма ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳам молиявий фойда нуқтаи назаридан самарали.”

28.01.2022 МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКА ЯГОНА ТИЗИМИ НИМА?

✅  “...Электр ускуналарда диспетчерлик бошқаруви тезкорлигини таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхоналар ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфида бўлган 110-500 кВ кучланишли тақсимловчи қурилмалар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфига баланс қиймати бўйича штат бирликлари билан бирга ўтказилади.”  

09.02.2022  — ИККИТА ТУРДОШ ТАШКИЛОТ ТАСАРРУФИДАГИ ҚУРИЛМАЛАР “ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ БАЛАНСИГА ЎТКАЗИЛАДИ

✅  “...Сариосиёдаги 5-фидер энг катта линия бу. Бизнинг маҳалла ҳам шу фидерда. Линия катта бўлгандан кейин муаммо ҳам шунга яраша... Маҳалладан 100 метр юқоридаги Шарғуннинг бошқа кўчалари электр бор, уларда ток деярли ўчмайди. Айнан бизда ток йўқ пайти уларда бор, умуман ўчмайди.
Ҳурматли маъсуллар, бу йиллар давомида йиғилган муаммога ҳеч ким эътибор бермайди, лекин жон-жондан ўтиб кетди-ку — айнан бизнинг маҳаллада ток ўчиши ёки сифатсиз узатилиши! Баъзан шунақанги ўчиб ёнаверадики (тез-тез), уйдаги жиҳозлар куйиб қолмасмикан, деб хавотирга тушамиз.
Тушуниб турибман, яна “шаблон” жавоб берасизлар... Мурожаат ҳам фойдасиз, ёпиб ташлайсизлар. Лекин инсоф қилинглар, муаммони яшириш билан ҳал қилиб бўлмайди! Уни бартараф этиш керак. Бизнинг маҳаллани 5-фидердан ажратиб, барқарор электр таъминоти келадиган линия қилиб беринглар!”

07.03.2022МУРОЖААТЧИ: «ТУШУНИБ ТУРИБМАН, ЯНА “ШАБЛОН” ЖАВОБ БЕРАСИЗЛАР... МУРОЖААТ ҲАМ ФОЙДАСИЗ, ЁПИБ ТАШЛАЙСИЗЛАР. ЛЕКИН ИНСОФ ҚИЛИНГЛАР, МУАММОНИ ЯШИРИШ БИЛАН ҲАЛ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИ!»

✅  “...Қайд этилишича, комиссия аварияга Ўзбекистон энергетика тизими электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлганини аниқлаган. Шу куни Тошкент вақти билан соат 10:59 да Сирдарё ИЭСнинг 500 кВ кучланишли «Тошкент» подстанцияси билан боғловчи 500 кВ линиясининг ажратгичида (ячейкасида) қисқа туташув содир бўлган.”

16.03.2022  — ОАВ: «ДАВЛАТЛАРАРО КОМИССИЯ ЯНВАРДАГИ БЛЭКАУТГА ЎЗБЕКИСТОНДАГИ УЗИЛИШ САБАБ БЎЛГАНИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ»

✅  “...Бундан ташқари, ноқулай об-ҳаво, кучли шамол ва ёмғир пайтида электр тармоқларида содир бўлган қисқа туташувлар туфайли электр таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин. Агар электр тармоқлари ва подстанциялар, трансформатор пунктлари ўз вақтида, сифатли эксплуатация қилинса, ноқулай об-ҳавода электр таъминотида узилишлар кам кузатилиши лозимлиги тўғри. Аммо симёғоч ва бошқа электр қурилма ҳамда ускуналарига мутахассислардан ташқари шахслар томонидан ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар, уланишлар ва бошқа техник-муҳандислик шартларига риоя қилинмаган ҳолда ташқи таъсирлар кўрсатилса, бу ҳам носозликлар кўплаб кузатилишига сабаб бўлади. Шунинг учун, маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудидаги электр таъминоти қурилмалари фақат мутахассисларга мурожаат қилиш орқали созлаб-таъмирланиши лозим.”

28.03.2022МУРОЖААТЧИ: «БИЗДА КУНОРА ЭЛЕКТР УЗИЛИШЛАРИ РЎЙ БЕРАДИ. БУ ҲОЛАТ ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ? ЧАҚАЛОҒИМ БОР...»  

✅  “...Март ойи давомида электр энергиясига бўлган талаб юқори бўлганлиги ҳамда иссиқлик электр станциялар ёқилғи таъминотида бир қатор муаммолар юзага келганлиги сабабли энерготизимдаги кенг кўламли авариявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида республика миқёсида электр энергияси истеъмолига чекловлар киритилишга мажбур бўлинди. Бунда “Қашқадарё ҲЭТК” АЖ томонидан юқори турган диспетчерлик марказларини топшириқларини ўз вақтида бажарилишини таъминламаганликлари сабабли энерготизимда аварияга қарши автоматиканинг ишлаши ёки 110 кВ таъминлаш тармоқларидан истеъмолчиларни тартибсиз узилишига сабаб бўлди. Айтиб ўтиш жоизки, диспетчерлик интизомининг бу тартибдаги бузилиши энергетика тизимида оғир оқибатли, йирик аварияли ҳолатларга олиб келиши мумкин.”

29.03.2022МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК МАРКАЗИ: «ДИСПЕТЧЕРЛИК ИНТИЗОМИНИНГ БУ ТАРТИБДАГИ БУЗИЛИШИ ЭНЕРГЕТИКА ТИЗИМИДА ОҒИР ОҚИБАТЛИ, ЙИРИК АВАРИЯЛИ ҲОЛАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН!»

✅  “...Марказ Энергетика вазирлиги тузилмасига киради. Энергетика вазирлиги Марказнинг муассиси ҳисобланади. Унинг таркибий тузилмасига кирувчи минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятини Марказ томонидан ишлаб чиқиладиган ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ҳужжатлар асосида амалга оширади.”

16.06.2022ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДА «МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК МАРКАЗИ» ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИНГ НИЗОМИ ТАСДИҚЛАНДИ

✅  “...Тошкент ЭТКнинг эслатишича, юқори ҳаво ҳароратида ортиқча юклама билан ишловчи электр тармоқларида қисқа туташув юзага келиши эҳтимоли ортади. Шу боис, мутахассисларни жалб қилган ҳолда хонадонларда тортилган электр симларининг яроқлилигини, электр энергиясининг уланиш нуқталари тўғри изоляция қилинганини текшириш тавсия қилинди.”

30.06.2022  — ТОШКЕНТДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАРГА ИЗОҲ БЕРИЛДИ

Веб-саҳифаTelegram  ‖ FacebookInstagramTwitterUtubeYoutube

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>